Вирусни биргаликда енгамиз.

  • 22 Apr
  • 2020

Вирусни биргаликда енгамиз.

      Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг, илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар,биз бу касалликни, албатта, енгамиз!

Шавкат Мирзиёев

     Хабарингиз бор, 15-март куни Ўзбекистон Республикасида Коронавирус билан боғлиқлик холат аниқланди ва карантин жорий қилинди. Юртимизда коронавирусга қарши чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 15 – март куни 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросида COVID – 19 коронавирус инфекция аниқланганди ва эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқаб кетмаслиги учун профилактик чора тадбирлар кўрила бошланди. Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида» бир қанча қарорлар қабул қилинди. Шу қарор асосида республика ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Хусусан, коронавирус масаласида ишончли маълумотга эга бўлиш учун 16- мартдан Тошкентда фуқароларимиздан коронавирус инфекцияси юзасидан туғиладиган саволлар учун ўз вақтида аниқ ва лўнда жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Cалл-марказининг қисқа «1003» ягона рақами 24 соат давомида фуқароларимиз учун ишлаб турибди. Фуқаролар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар барча телекоммуникатсия операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда бепул амалга оширилмоқда.

Жамоатчиликни коронавирус COVID-19 тўғрисида хабардор қилиш ва тарқалашининг олдини олиш учун амалга оширилаётган чора- тадбирлар ҳақида расмий веб- сайти (http://coronavirus.uz/uz) га кириши ҳам бепул қилинди. Мазкур манбада коронавирус ҳақида ва Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган чора тадбирлар тўғрисида ишончли ва аниқ маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Шунингдек, мазкур қарорга асосан, лицензия асосида фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари ва провайдерлари, 2 ой давомида симли телефон алоқаси ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғига симли ва симсиз уланиш хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда абонентлар тармоқдан ўчирилмаслиги таъминланди.

Ўзбекистон коронавирус COVID-19 бўйича карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб барча телекоммуникатсия операторлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари уйдан туриб бемалол фанларни ўзлаштириш учун таълим манбаларининг веб-сайтларига бепул киришни таъминлаб бермоқда. Халқ таълими вазирлиги портал (http://eduportal.uz) га бепул киришлари мумкин.

Фуқароларимизни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникатсия операторлари абонентларига энг кўп ўқиладиган оммавий ахборот воситаларининг манбаларидан- uzreport.news, xabar.uz, daryo.uz, gazeta.uz, kun.uz, podrobno.uz, repost.uz, uznews.uz, sport.uz сайтларига кириш учун бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан, байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва консерт дастурлари ҳамда тўйлар,оилавий тантаналар фуқароларимизнинг соғлиғини инобатга олган холда вақтинча чекловлар қўйилди. Карантин шароитида касаллик тарқалашини олдини олишнинг энг муҳим шарти-тегишли қоида ва тавсияларга сўзсиз риоя этишдир. Биз ҳам ўз вақтида карантин қоидаларига етарли даражада риоя этмасак, масалага енгил қараш оқибатларини бутун дунёга тарқаган давлатлар мисолида ҳам кўришишимиз мумкин. Мисол учун, Италия Ломбардия вилоятида мактаблар карантинга ёпилганида, ота- оналар карантин талабларига риоя этмай фарзандларини бошқа ҳудудларга олиб кетган ва бу билан уларни вирусдан муҳофаза қиляпман деб ўйлашган. Катта жарималар белгиланганлигига қарамай, кўпчилик аҳоли бунга эътибор ҳам қилмай, карантин қоидаларини бузиб оммавий тадбир, байрамларни уюштиришни давом этган. Оқибатда, бугун Италия коронавирусдан бир кунда вафот этганлар сони бўйича дунёда етакчи ўринларда турибди.Италиядан кейинги 2-ўринда Испания эгаллаб турибди. Бундан ташқари Германияда ҳам шиддат билан давом этмоқда. Германия Европада Италия ва Испаниядан кейинги ўринни эгаллаган. АҚШ да эса коронавирус иқтисодиётга жиддий зарба бермоқда.

Мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш бўйича Бош вазир раҳбарлигида республика комиссия тузилиб, жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Махсус инқирозга қарши кураш фондини ташкил этилганлиги, жадал суратларда бошланган махсус касалхоналар қурилиши, экспресс ташхис жихозларини хориждан келтириш, таълим муассаларида таълим жараённи масофавий режимга ўтказилганлиги, карантин талабларини кучайтириш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича қарорларни ўз вақтида қабул қилинди. Айрим ривожланган мамлакатларда ушбу тезкорликни таъминланмаганлигининг аянчли оқибатларини афсус билан кузатяпмиз.

Тарихдан маълумки, бундай мураккаб вазиятлар одамларнинг эзгу мақсад йўлида жипслашуви, мамлакатда қурилаётган чора тадбирлар моҳиятини тўғри англаб етиш ва уларни амалга оширишда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ёрдамида енгиб ўтилади. Ҳамма даврларда бошига оғир кун тушган ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзиш ниятида ёрдам берадиган саҳоватли инсонлар бўлган. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган касалликни олдини олиш соҳасидаги давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш тизимларининг амалий ишларини қўллаб – қувватлаш истагида бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Юртдошларимизни, халқимиз вакилларини чет эллардан қайтариб келиш, уларнинг саломатлигини аниқлаш, лозим ҳолларда карантинга олиш чоралари кўрилмоқда. Карантинга олишга мослаштирилган масканлар барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, биз ўзимиз, ҳар биримиз учун ўзимизнинг соғлиғимиз учун, оиламиз ва яқинларимиз учун масъулият ҳис этаяпмизми? Дунёда кечаётган воқеалардан хабардорлик даражамиз етарлими? Мамлакатимизда олиб борилаётган ишлардан- чи? Уларнинг моҳиятини англаяпмизми? Бугун ҳар биримиз ўзимизга қуйидаги саволларни бериб кўришимиз шарт ва зарур. Давлатимиз биз учун, ҳар бир фуқароси учун қайғураётган дамларда мен ўзим учун қайғураяпманми? дея ўзимизга савол беришимиз керак. Олиб борилаётган саъй ҳаракатни бесамар кетмаслиги учун биз нима қилишимиз керак? Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра бир кунда карантин ҳолати талаблабларини бузганлиги учун 3-мингдан ортиқ фуқаро жаримага тортиляпти. Бу нима дегани? Биз ва бизни фарзандларимизнинг хавфсизлиги учун ўзимизга боғлиқ бўлган ишларни биз учун ким қилиб бериши керак? Касалликнинг тарқалиш жараёни кўрсатмоқдаки, ҳеч ким бу вирусни юқтириб олмасликдан кафолатланмаган. Шу сабабдан, эътиборсизликка йўл қўймаслигимиз керак. Халқимиз орзу ниятли халқ. Яхши кунларни қариндошлар, яқинлар даврасида ўтказади. Яхши ниятда ёзилган дастурхонимиз аъзага айланиб кетмаслигини ҳис қилишимиз, тушунишимиз даркор. Бугунги воқеалик, мамлакатимизда кечаётган жараён бизга кимлигимизни, кимларнинг авлоди эканлигимизни унутмасликка ундайди. Биз коронавирус балосига фақатгина бирлашиб қарши туришимиз мумкин. Ҳар биримиз ўзимизга ва атрофимизга нисбатан масъул бўлайлик. Бу балони -фақатгина биргаликда енгишимиз мумкин эканлигини англаб етайлик. Оиламиз, фарзандларимиз, халқимиз ва жонажон ватанимиз олдидаги масъулиятимизни намоён қиладиган вақт келди. Зеро ,биз бирмиз! Қалбан биргамиз!

Шаманова Зарина

Сурхондарё вилояти юридик коллежи

ўқитувчиси