ЎЗГАРАЁТГАН ДУНЁ (ёхуд уни қабул қилишга тайёрмизми?)

  • 22 Apr
  • 2020

ЎЗГАРАЁТГАН ДУНЁ (ёхуд уни қабул қилишга тайёрмизми?)

Немис файласуфи Кант бир вақтлар «Урушлар тозалаш учун хизмат қилади» қабилидаги ғояси учун собиқ шўро иттифоқида тақиқланган мутафаккирлар сирасига киритилган эди...

Дунё яралгандан буён бир неча урушларни бошидан ўтказди. Бир неча турдаги қирғин қуроллари синовдан ўтказилди.

Жаҳон афкор оммаси бугун юзлашаётган коронавирус пандемияси эса ҳар қандай урушдан хатарлироқ. 2019 йил декабрида Хитойнинг Ухан шаҳрида илк қайд этилган касаллик бир ҳатлашда Европа ва бошқа қитъаларга шиддат билан ёпирилди. Бугун Европада касалланиш «рекорд» бўйича Италия ва Испания давлатлари изма из бормоқда. Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, дунёда короновирус (COVID-19) пандемияси қамраб олган кишилар сони 776мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Касалланганлар ичида вафот этганлар 37 минг нафарини ва соғайиб кетганлар 165минг нафар .

Ҳозир дунёда 536 454 киши касалликнинг "фаол" шаклига эга, уларнинг 95 фоизи қониқарли ҳолатда. 26 мингдан ортиқ юқтирганлар касалликнинг оғир ёки ўртача оғир шаклига эга.

Албатта касаллик дунё миқёсида бир текис тарқалмаган. Хусусан, короновирусдан энг кўп жабр кўраётган мамлакат АҚШ бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунга келиб мазкур мамлакат аҳолисининг қарийб 160 мингга яқин киши короновирусга чалинган.

Мазкур касалликдан вафот этганлар сони бўйича эса Италия жаҳонда энг кўп қурбон берган мамлакат бўлиб турибди – 11 мингдан кўпроқ.

Афсуски Италияда мазкур касалликка чалинганлар ўртасида соғайганлар кўрсаткичи ҳам унчалик юқори эмас ҳозирча – бор йўғи 15 мингга яқин киши тузалди.

Дунёда энг чекка ҳудуд ҳисобланувчи Пасха оролида ҳам касалликнинг илк аломати қайд этилди ҳатто. Шу йилнинг 15 март куни республикамизда ҳам илк бемор аниқланди. Вазият ҳукумат томонидан дарҳол назоратга олинди. Бугунги кунгача коронавирус инфекцияси юқтирган беморлар сони 173 нафарга етди.(2020йил 01 апрел ҳолатига) Дастлабки бемор Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлса кейинчалик касалланиш кўлами Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларига ёйилди. Ёйилиш асноси бараварида хавфсизлик чоралари ҳам кучайтира борилмоқда. 16 мартдан барча таълим муассасалари ёпилган бўлса кейинчалик давлат идоралари масофадан ишлаш тизимига ўтди. Тўйлар, оммавий тадбирлар тўхтатилди. Бозорларда эса фақатгина озиқ овқат маҳсулотлари савдосига рухсат берилди. 25 мартдан вилоятлараро қатнов тўхтатилган бўлса 30 мартдан шахсий транспортлар билан ҳаракатланишга чеклов ўрнатилди. Албатта шу аснода аҳолига ҳам қатор қулайликлар яратилмоқда. Пенсия ва нафақаларнинг уйга етказиб берилиши йўлга қўйилди, нарх наво устидан эса қатъий назорат ўрнатилган. Телевидениеда ҳар бир каналнинг логотипи «Уйда қолинг» ёзуви билан ўзгартирилган. Энди ўйлаб кўринг шунча ҳатти ҳаракат ким учун? Албатта биринчи галда аҳоли учун. Шундай бўлсада ҳали ҳам хавфнинг кўламини ҳис қилмаган ёки шунчаки лоқайд инсонлар афсуски топилмоқда.

Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади» нақлини қалқон қилиб кўча куйда бемалол ниқобсиз ҳаракатланаётган кишилар афсуски учраб турипти. Шу ўринда лоқайд кайфиятдагиларга «Отни қозиққа маҳкамлаб кейин аллоҳга топширинг» нақлини эслатмоқчиман. Чоралар қанчалик кескинлашмасин инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб жорий қилинмоқда. Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунчилигимизда жуда кескин жавобгарликлар мавжуд ва эндиликда улар янада кучайтирилди.

  • шароитида давлат санитария назорати органларининг қонуний талабларини, масалан, тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик жиноят сифатида баҳоланади.

Илгари карантин қоидаларини бузганлик учун, агар бу одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Кучайтирилган тартибга кўра, эндиликда бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Агар ўша ҳаракат одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин эди. Эндиликда карантин қоидаларини бузган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Халқаро тажрибани олайлик. Мисол учун, Украина қонунларида шахснинг ҳаракатлари юқумли касаллик тарқалишига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган. Ушбу қилмиш учун Италия, Испания, Франция, Руминия ва Аргентинада 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Умуман, бу каби ҳолатлар учун жавобгарликни кучайтиришдан мақсад карантин шароитида касаллик тарқалишининг олдини олиш ишларини тўлақонли амалга оширишдан иборат.

Агар дунё тажрибасини биргина Ҳиндистон мисолида олиб кўрадиган бўлсак: Ҳиндистон ҳукумати уйда ўтирмай кўчада юрган фуқароларга нисбатан калтаклаш жазосини жорий этди. Хулоса чиқариш ўзингиздан...

Ёки бўлмаса Италиядаги бугунги ҳолат барчамизга аччиқ сабоқ бўлиши керак.

Коронавируснинг дастлабки қайд этилган ҳолати Италияликларда жиддий хатар уйғотмади. Аксинча «қаҳромонона» флешмоблар ва турли йиғинлар авж олди. Коронавирус эса «қаҳрамон» лар билан ҳисоблашмаслигини билишганда эса жуда кеч бўлган эди...

Юртимизда коронавирусдан тузалганлар етти нафар бўлса афсуски вафот этганлар ҳам йўқ эмас. Мана шундай ҳолатларда ҳам эътиқодимиз ва анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда иш тутилмоқда. Дастлабки вафот этганларни дафн қилишда Мисрнинг Ал- аҳзар ислом марказидан берилган фатвога асосан расм русмлар адо этилди. Коронавирус бугуннинг долзарб мавзусига айлангани ижтимоий тармоқлардан аён. Албатта ОАВ биринчи галдаги вазифаси холисона, аниқ ва шаффоф ахборот билан таъминлаш. Ачинарли жиҳати шундаки бугунги эркинликдан фойдаланиб «отни қамчилаб» қолган блогерлар ҳам топилди. Ижтимоий тармоқларда расмий манбаларнинг сохта аналоглари аниқланиб дарҳол чора кўрилди. Шунингдек аҳоли ўртасида асоссиз ваҳима уйғотувчи хабарларни тарқатишга кўриладиган чора ҳам қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.Қонунга кўра, Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш қуйидагича жазоларни юзага келтириш мумкин:

44 млн 600 минг сўмгача жарима;

300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Бундай маълумотларни нашр қилиб, кўпайтириб, ОАВ, Интернет орқали тарқатганлар бадални икки ҳисса кўпроқ тўлайди – 89 млн 200 минг сўмгача жарима! Бу ҳолат учун ҳатто 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарлик белгиланди.

Мақсад, биринчи навбатда, асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олишдир. Ваҳиманинг олди олинсагина жамоат хавфсизлиги таъминланади, мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратилади.

Вазият тўлиқ назоратда! Бироқ пандемия кўлами тобора қулоч ёймоқда. Хўш ким ёки нима сабаб?

Келинг энди касалликнинг тарқалиш занжирига бир назар солсак. Илк бемор Франциядан келган аёл уйида ўттиз кишилик базм уюштирган. Саудия Арабистонидан Фарғона вилоятига қайтган аёл 135 кишини меҳмон қилган. Касаллик юқтирганларнинг олти нафари (жумладан онаси ҳам) ўз оила аъзолари. Тошкент шаҳрида эса куёвнавкар ташкил қилган шахсга жиноий иш қўзғатилди. Энди тасаввур қилиб олаверинг. Эътибор берган бўлсангиз касаллик тарқалишининг асосий омили «базмбозлик» бўлиб қолмоқда. Яқинда «Evronews» канали Филиппинда ташкил қилинган ажойиб челленджни намойиш этди. Кўча ўртасига оғзи очиқ тобут ўрнатилган ва шундай ёзув илинган «Бу ерга тушишни истамасанг уйингда ўтир»

Ижтимоий тармоқларда «Одамлар тиббиёт ходимлари билан ўчакишмоқда» сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Дарҳақиқат ўчакишиш ҳолатлари афсуски учраб турипти. Унутманг пандемияни енгиш энг биринчи галда ўзимизга боғлиқ. Коронавируснинг илк ўчоғи Ухан тажрибаси бунга яққол мисол. Хитойликлар офатни ўз уйларига қамалиб енгишди. Дунёнинг нуфузли ширкатлари, қатор машҳур шахслар коронавирусга қарши курашиш учун салмоқли миқдорда хайрия ишларини амалга оширмоқда. Унутманг оддий кўрсатма ва талабларга амал қилмаслик аянчли оқибатга олиб келиб бутун дунёнинг хайрияси ҳам қутқара олмаслиги мумкин! «Бу ҳам гриппнинг бир тури экан, ҳаво исиб кетиши билан йўқолади» деб лоқайдона ёндошув ҳам ярамайди. Ҳозирча эълон қилинмаган, бироқ коронавирус тарқалган жаҳоннинг 500та шаҳридаги об-ҳаво таққосланган таҳлилга кўра, вируснинг тарқалиши ҳаво ҳарорати, шамолнинг тезлиги ва намлик даражасига боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Яна бир ҳозирча эълон қилинмаган тадқиқотга кўра, COVID-19нинг камроқ қайд этилган ҳолатлари нисбатан юқори ҳарорат билан боғланмоқда. Бироқ унда таъкидланишича, биргина об-ҳавонинг ўзи вируснинг тарқалиши борасидаги барча саволларга жавоб бера олмайди. Нафсиламбир бугунги таҳликали кунда ўзимизни фақат ўзимиз қутқара оламиз.

Дунё асли мувозанат асосида яралган. Ҳар дам ҳар вақтда яхши ва ёмон ёнма ён юрган. Динимизда ҳам бир ёмонлик изидан албатта хайрли нарса берилиши бот бот уқтирилади. Лўнда қилиб айтганда ҳаётнинг одмигина фалсафаси ҳам шу. Қўҳна даҳри дун бошида неча минг кулфату офат, жангу жадал ўтган бўлсада биргина нарсага на офатнинг на урушнинг кучи етмаган йўқотишга. МЕҲР. Меҳр олдида ҳар не ожиз. Биз буни бугунги кунларимизда гувоҳи бўлмоқдамиз. Пандемия Ўзбекистонга ёпирилиши билан шахсан мен бир нарсага қатъий амин бўлдим. Саҳоват ҳали буткул тарк этмапти бизни. Ижтимоий тармоқларда бир неча ўнлаб инсонлар муҳтожларга ёрдамини таклиф қилиб эълон беришяпти. Холисаниллоҳ! Кўчада ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан бепул ниқоблар тарқатилиши, бозорларда муҳтожлар учун алоҳида мутлақо бепул расталар ташкил қилиниши. Бу каби саҳоватпеша инсонлар кун сайин кўпайса кўпайяптики камайгани йўқ. Бунинг барчаси «Бирмиз қўлни қўлга берамиз» шиорининг амалдаги инъикосидир.

Яқин кунларда ТВ-дарслар, онлайн дарслар йўлга қўйилди. Энди уйда ўтириб ҳам таълим билан ҳамқадам бўлиш имконияти кенгайди. Шундай оғир вазиятда ҳам халқимиз ўзига хос бўлган болажонлик хислатини унутмаган ҳолда мактабгача таълим ва бошланғич таълим олувчи болалар учун ҳам барча шароитларни масофавий тарзда яратиб қўйипти. Дунё ХХI-асргача бир неча бор қалқди. Иккинчи жаҳон урушида маъсулият халқимиз зиммасига икки ҳисса юкланди. Жанг майдонларидаги уруш, фронт орти заҳматлари ва эвакуация қилинганларни қабул қилиб олиш. Ўша оғир дамларда иродаси букилмаган халқ бугунги қийинчиликлардан ҳам эсон омон ўтади. Чунки бизда меҳр ўлмаган чунки бизда саҳоватпеша инсонлар мўл.

Жаноб Кант эҳтимол қай бир жиҳатдан ҳақ бўлгандир. Тўғри пандемия уруш эмас лекин оқибатлари таққосланса уруш билан деярли бир орбитадаги офатдир. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича Коронавирусдан сўнг дунё мутлақо бошқача бўлар экан. Дарҳақиқат ҳамма даврда ҳам офатлар инсониятни жипслаштирган. Эртанги ўзгарган дунёни кўриш учун бугун ўзимизни эҳтиёт қилишимиз шарт!

 

Сурхондарё вилояти юридик коллежи

Махсус фанлар ўқитувчиси

Раҳмонқулов Фарҳод